20-модда. Инклюзив таълим
Инклюзив таълим алоҳида таълим эҳтиёжлари ва индивидуал имкониятларнинг хилма-хиллигини ҳисобга олган ҳолда барча таълим олувчилар учун таълим ташкилотларида таълим олишга бўлган тенг имкониятларни таъминлашга қаратилган.
Жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар (шахслар) учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ташкил этилади.
Инклюзив таълимни ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
21-модда. Экстернат тартибидаги таълим
Экстернат тартибидаги таълим олиш ўқув дастурларини мустақил равишда ўзлаштиришни ўз ичига олиб, унинг якунлари бўйича таълим олувчилардан давлат таълим муассасаларида якуний ва давлат аттестацияларидан ўтишни талаб этади.
Экстернат тартибидаги таълим олишни ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
22-модда. Мудофаа, хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти соҳасида кадрларни тайёрлаш
Мудофаа, хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти соҳасида кадрларни тайёрлаш уларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Dostları ilə paylaş: |